Халқаро илмий анжуман

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-Ф-сонли Фармойишида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академикларининг ташаббуси ва масъуллигида 2018 йилда халқаро миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техникавий анжуманлар режаси асосида 2018 йил 27 сентябрь санасида ўтказилган

 “Марказий Осиёда тарихий-маданий вилоятларнинг шаклланиши ва этник географияси муаммолари” мавзуидаги халқаро илмий анжуман

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 178-Ф сонли Фармойишида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларининг ташаббуси ва масъуллигида 2018 йилда ўтказиладиган халқаро илмий ва илмий-техник анжуманлар режасига, шунингдек академикларнинг тасдиқланган асосий фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”га биноан Ўзбекистон Миллий университетида “Марказий Осиёда тарихий-маданий вилоятларнинг шаклланиши ва этник географияси муаммолари” мавзуидаги халқаро илмий анжуман ўтказилиши режалаштирилган эди. Шу муносабат билан 2018 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий университетида академик Анатолий Сагдуллаевнинг ташаббуси ва масъуллигида халқаро илмий анжуман ўтказилди.

Халқаро илмий анжуманда Марказий Осиёда тарихий маданий вилоятларнинг шаклланиши, янги археологик тадқиқотлар натижалари, маданий алоқалар, тарихий ва этник географияси, қадимги давр ва ўрта асрларда миграциялар, минтақада аҳолининг ҳудудий жойлашиши каби масалалар кўриб чиқилди.

Халқаро илмий анжуманда Ўзбекистон олимлари билан бир қаторда Россия, АҚШ, Хитой, Франция, Чехия каби давлатлардаги археолог, этнолог ва тарихчи олимлар ҳам ўз маърузалари ҳамда Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон тадқиқотчилари анжуманга бағишланган халқаро илмий тўпламда чоп этилган ўз мақолалари билан иштирок этдилар. Илмий анжуман доирасида халқаро илмий мақолалар тўплами ҳамда анжуман тезислари тўплами нашр этилди. Мазкур халқаро конференцияда ёш олимлар, ЎзМУ тарих факультетининг бакалавр ва магистр мутахассислиги талабалари иштирок этдилар. Бундай ёндашув иқтидорли ёшларни илмий тадқиқотларга жалб қилиш долзарб мақсади билан боғланган.